Abstract
Нодавлат таълим ташкилоти-давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ва ўқув дастурларига мувофиқ таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензия асосида ёки хабардор қилиш тартибида таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахс ҳисобланади. Нодавлат таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш тартиби таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилишга оид амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган қоидаларни инобатга олган ҳолда, ушбу таълим ташкилотлари томонидан белгиланади. Замонавий меҳнат бозори талабларига мос юқори малакали кадрлар тайёрлаш, нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда таълим сифатини ошириш мақсадида лицензия асосида нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш белгиланган. Мақолада Ўзбекистон Республикасидаги нодавлат олий таълим муассасаларининг бухгалтерия ҳисоби тизимидаги асосий жараёнлар, муаммолар ва замонавий ечимлар илмий-методик жиҳатдан таҳлил қилинади. Бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботчиликка оид хорижий ҳамда маҳаллий тажрибалардан мисоллар келтирилади. Масалан, нодавлат олий таълим муассасалари учун молиявий шаффофлик, ички назоратни кучайтириш, замонавий ахборот технологияларини жорий этиш каби йўналишлардаги вазифалар акс эттирилади. Шунингдек, мазкур соҳада олиб борилган илмий тадқиқотлардан хулосалар чиқарилади ва амалий тавсиялар берилган.